Нега Ўзбекистонда кредитлар қиммат?
Марказий банк раисига кўра, регулятор кредитларни маъмурий усулда арзонлаштирмайди. Ставкаларнинг барқарор пасайиши инфляцияни жиловлаш, банк тизими трансформацияси ва рақобатни кучайтириш орқали таъминланади.
Марказий банк кредитларни маъмурий усулда арзонлаштирмайди. Бу ҳақда 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида регулятор бошқаруви раиси Тимур Ишметов маълум қилди.
Сенатор Жамила Бобаназарова Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот муҳокамаси чоғида кредит ставкалари масаласига эътибор қаратди. 2025 йил якунларига кўра жисмоний шахсларга ажратилган сўмдаги кредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 23,6% ни ташкил этиб, бу 2024 йилга нисбатан 0,9 фоиз бандга пасайган. Сенаторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмалар билан таққослаганда кредит ресурсларининг реал қиймати ҳануз юқори даражада қолмоқда.
«Марказий банк кредитларни арзонлаштириш ва иқтисодиётга молиявий ресурслар етиб боришини кенгайтириш бўйича қандай қўшимча чора-тадбирларни кўряпти? Зеро, ҳозир аҳоли ҳам, тадбиркорлар ҳам бевосита айнан кредит ставкасидаги ижобий ўзгаришларни теранроқ ҳис қилишлари — бу уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги молиявий механизмнинг битта кўринишидир», — дея савол берди у.
Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, кредит ставкалари, биринчи навбатда, инфляция даражаси, инфляцион кутилмалар, ресурслар қиймати ва молиявий хатарлар таъсирида шаклланади.
Унинг сўзларига кўра, банклар учун ресурслар қиймати, жумладан юқори депозит ставкалари кредит фоизларига таъсир кўрсатади. Бироқ Марказий банк ҳам депозит, ҳам кредит ставкаларига маъмурий усуллар орқали таъсир ўтказишни мақсад қилмаган. Регулятор раисининг фикрича, бу нотўғри чора бўлиб, кредитларнинг барқарор арзонлашувини таъминлашнинг энг асосий йўли — инфляцияни пасайтириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришдир.
Ишметовнинг қайд этишича, сўнгги йилларда инфляциянинг пасайиши, миллий валютадаги депозитлар ҳажмининг ўсиши ва банк тизими ресурс базасининг кенгайиши кредит ставкаларини пасайтириш учун замин яратмоқда. Шу билан бирга, бу жараён нисбатан секинроқ ва босқичма-босқич кечади.
«Биз инфляцияни пасайтириш билан бирга миллий валютадаги жамғармалар улушини ҳам ошириб борамиз. Умуман, [эътиборимизни] банк тизимидаги трансформацияни давом эттириш, молия бозорида банк ва нобанк иштирокчилари сонини кенгайтириш, капитал бозорини ривожлантириш ҳамда молия институтлари ўртасида рақобат муҳитини оширишга қаратамиз», — деди Марказий банк раҳбари.
Шунингдек, Тимур Ишметов рақамлаштириш ҳамда риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш ҳам кредит ставкаларининг пасайишига хизмат қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, инфляция ва депозитлар бўйича номинал ставкалар пасайиб боргани сари кредит ресурслари ставкаларининг ҳам камайишини кузатиш мумкин бўлади.
