Ўзбекистонда муомаладаги нақд пуллар миқдори рекорд даражага етди
Июнь ойи бошида пул массасида муомаладаги нақд пуллар улуши 72,4 триллион сўмга яқинлашган.
Ўзбекистон муомаладаги нақд пуллар миқдори бир йилда 28 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич Марказий банк эълон қилган рақамлардан келиб чиқади.
Жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, мамлакат иқтисодиётидаги пул массаси тарихда биринчи марта 411,43 триллион сўмга етди. Бу бир йил аввалгидан қарийб 111 триллион сўмга кўп дегани.
Июнь ойи бошида пул массасида муомаладаги нақд пуллар улуши 72,4 триллион сўмга яқинлашган. Таққослаш учун, 2025 йил мос давридаги кўрсаткич 55,2 триллион сўм эди. Яъни иқтисодиётдаги нақд пуллар бир йилда 15,2 триллион сўмга кўпайган.
Жорий йил апрелдан республикадаги қатор тўловлар учун нақд пул чекланди. Бироқ апрель ва май ойларида ҳам муомаладаги нақд пуллар миқдори ўсишда давом этган. Жумладан, апрелда муомаладаги нақд пуллар 827 миллиард сўмга, май ойида эса кескин — 5,6 триллион сўмга кўпайган.
Ўтган йилларнинг июнь ойи бошида муомаладаги нақд пуллар миқдори қуйидагича бўлган:
- 2016 йил — 11,1 триллион сўм;
- 2017 йил — 17,8 триллион сўм;
- 2018 йил — 20 триллион сўм;
- 2019 йил — 23,9 триллион сўм;
- 2020 йил — 28,2 триллион сўм;
- 2021 йил — 25,3 триллион сўм;
- 2022 йил — 36,8 триллион сўм;
- 2023 йил — 43,8 триллион сўм;
- 2024 йил — 45,9 триллион сўм.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда энг кўп фойдаланилаётган банкнот 100 минг сўмлик эканини маълум қилганди. Бу умумий нақд пулларнинг 36,2 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринни 30,6 фоизлик улуш билан 200 минг сўмлик эгаллаган.
