Марказий банк мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга Топ-10 банкни очиқлади
Биринчи чорак якунларига кўра, мурожаатлар индекси юқори бўлган банклар учлигидан Бизнесни ривожлантириш банки, Anorbank ва Микрокредитбанк жой олди.
Марказий банк биринчи чорак якунларига кўра мурожаатлар индекси энг юқори бўлган банкларни эълон қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, банклар фаолияти юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиб борилади.
Регулятор мурожаатлар индекси энг юқори бўлган 10 та банк рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Бизнесни ривожлантириш банки 3,34 кўрсаткич билан юқори ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларда Anorbank (3,29) ва Микрокредитбанк (3,23) қайд этилган.
Шунингдек, рўйхатдан AVO bank (2,16), TBC Bank (2,06), Давр Банк (1,85), Tengebank (1,72), Асакабанк (1,26), Турон Банк (1,25) ҳамда Агро Банк (1,22) жой олган.
Қайд этилишича, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқори бўлиши банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича мижозларга етарли тушунтириш берилмаётганини ҳамда мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этиш бўйича камчиликлар мавжудлигини кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, бу такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, масофавий хизматлар, тўловлар ва кредитлар билан боғлиқ жараёнларни янада такомиллаштириш зарурлигини англатади.
Шу муносабат билан Марказий банк банкларга мурожаатлар келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва такрорий шикоятларга олиб келаётган омилларни бартараф этишни тавсия этди.
Регулятор мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ҳамда ички назорат механизмларини кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Марказий банк мурожаатлар индекси банкнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини баҳоламаслигини таъкидлади. Мазкур кўрсаткич фақат банк мижозлари сонига нисбатан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради.
Чорак давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар бўйича индекс ҳисобланмайди.
