Ўзбекистонда эндокринология марказининг 14 та филиали моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллар ажратилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланган.
«Афсуски, республикада эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашга 25 йил давомида эътибор сусайиб кетгани ҳам адолатли ҳақиқат», — деган давлат раҳбари сўзининг аввалида.
Қайд этилишича, йиғилишда сўнгги йилларда соҳада қилинган ишлар санаб ўтилган. Жумладан, сўнгги уч йилда эндокринология соҳасини такомиллаштиришга қаратилган алоҳида дастур амалга оширилган. Шунингдек, эндокринология марказининг 14 та филиали моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллар ажратилган.
Бундан ташқари, филиалларда махсус бўлимлар ташкил этилиб, республика марказига мурожаатлар 2 баробарга камайган, яъни қарийб 5 минг нафар фуқаронинг сарсонгарчилиги ва ортиқча харажатларининг олди олинган. Шу билан бирга, ҳар йили 80 минг нафар бемор инсулин билан бепул таъминланмоқда.
Шунингдек, республика эндокринология маркази учун энг замонавий ускуналар билан жиҳозланадиган 600 ўринли янги бино қурилмоқда. Президент топшириғига кўра, марказ фаолияти кўп тармоқли шаклга ўтказилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Eвроосиё иқтисодий кенгаши саммитида бир қатор масалаларга тўхталгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Самарқандда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишгани ҳақида хабар берилди.


