Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларга пул тўланади

«Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.

Фото: Kommers.uz

Ўзбекистонда молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларга мукофот пули тўланади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилган.

Қайд этилишича, 2023 йил 1 январгача «Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.

Инспекцияда бюджет ҳисобидан амалга оширилган қурилишлар учун қилинган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси (40 та штат бирлигидан иборат) ташкил этилади.

Таъкидланишича, 2022 йил 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади. Шунингдек, 2022 йил 1 ноябргача Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 ноябрдан Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади.

Аввалроқ Ўзбекистон банкларидаги молиявий хизматлар бўйича маълумот берувчи портал ишга тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган 15 кишига 9 миллион сўм тўлангани ҳақида хабар берилди.