Ўзбекистоннинг давлат бюджети даромадлари 2021 йили 164,7 триллион сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 31,7 триллион сўмга (+23,9 фоиз) кўп бўлди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 2021 йилда 196,4 триллион сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 26,7 фоиз) ташкил этган.
Шунингдек, солиқ органлари маъмуриятчилигидаги тушумлар 2021 йилда 127,9 триллион сўмни ташкил этди. 2020 йил билан солиштирганда улар 24,3 триллион сўмга (+23,5 фоиз) ошди. Хусусан, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бўйича тушумлар 82,3 триллион сўмни ташкил этди (2020 йил билан солиштирганда ўсиш — 14,6 триллион сўм).

Бундан ташқари, божхона органлари маъмуриятчилигидаги тушумлар 2021 йилда 8,5 триллион сўмга (+34,5 фоиз) ошиб, 33,2 триллион сўмни ташкил этди.
Аввалроқ Бюджет харажатлари самарадорлигини ошириш мақсадида янги инспекция ташкил этилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик режа қилингани ҳақида хабар берилди.


