Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Шавкат Мирзиёев ДСҚнинг Маълумотларни қайта ишлаш марказини бориб кўрди

Давлат раҳбари марказдаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Фото: Президент матубот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу марказ Президентнинг 2020 йил 30 октябрдаги фармонига мувофиқ, тўлиқ янгиланди. Давлат бюджетидан ажратилган 100 миллиард сўм эвазига бинолар таъмирланиб, узлуксиз электр таъминоти қурилмалари, прецизион кондиционерлар, катта ҳажмли сервер ва компьютерлар билан жиҳозланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Натижада марказ қуввати 8 мартага ошди, электрон хизматлар кўлами кенгайди. Шахсий карточкаларда сальдо қаторларини ҳисоблаш каби мураккаб жараёнлар 10 баробар тезлашди. Масалан, илгари республика бўйича ҳисоблашга 24 соат кетган бўлса, эндиликда бу жараён 2-3 соатда амалга оширилмоқда. Бу яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, марказда киберҳужумдан ҳимоя, бизнес-аналитика технологиялари жорий қилинган. «e-ijara», «e-imtiyoz», «Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари», «Солиқ текширувлари», «Автоматлаштирилган камерал назорат тизими», «Солиқ узилиши коэффициенти» каби янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилган.

«Бу марказни мамлакатимиз солиқ тизимининг ‘мияси’ дейиш мумкин. Бу ерга барча солиқ тўловчиларнинг маълумотлари интеграция қилинган. 50 нафарга  яқин малакали мутахассис солиқ айланмасини онлайн режимда кузатиб, масофадан тезкор хизмат кўрсатади», дейилади хабарда.

Давлат раҳбари марказдаги иш жараёнини кўздан кечирди. Солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.