Марказий банк ва Швейцария Миллий банки вакиллари Ўзбекистондаги макроиқтисодий ҳолатни муҳокама қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Марказий банкда Швейцария Миллий банки халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Аттилио Занетти бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида глобал миқёсдаги рискларни инобатга олган ҳолда мамлакатдаги жорий макроиқтисодий ҳолат ҳамда прогнозлар муҳокама қилинди. Шунингдек, макроиқтисодий моделлаштириш ва прогнозлаш жараёнларини такомиллаштириш борасида қўшма ҳамкорликка оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Швейцария Миллий банки вакиллари молиявий барқарорлик йўналишида Ўзбекистон Марказий банкига техник кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Аввалроқ Марказий банкнинг Самарқанд ва Сурхондарё бош бошқармалари бошлиқлари тайинлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг йиғилиши кечиктирилгани ҳақида хабар берилди.


