Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди.

Тараққиёт стратегиясида бу борадаги ислоҳотларни давом эттириб, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш вазифалари белгиланган.
«Биз инсон қадрини улуғлашни эълон қилдик, халқимизни рози қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Халқимиз қачон рози бўлади? Солиқ кам бўлиб, даромади ошса», — деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, 2026 йил бориб иқтисодиётга солиқ юкини 25 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Шунингдек, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғини 12 фоизгача тушириш, кейинчалик ер ва мулк солиқларини бирлаштириш мўлжалланган.

Йиғилиш аввалида мутасаддилар бажарилган ишлар тўғрисида ахборот берди. Давлат раҳбари солиқ идоралари фаолиятини яхшилаш, бунинг учун ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, бунинг натижасида жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади, «яширин иқтисодиёт» ҳажмини камайтириш учун солиқ тўсиқлари бартараф этилади, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланади.


