Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.
Давлат раҳбари дунёдаги тез ўзгарувчан, мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
«Мен бу ерга солиқ тўловчиларнинг вакили бўлиб келдим. Бизга ҳозир тушум ошиши асосийси эмас. Биринчи навбатда, тизимни тўғри қилиб, билмаганларга ўргатиб, солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак» — дейди Президент.
Айтиб ўтилишича, айрим ҳолларда тадбиркорлар янги дастур ва талабларни тушунмагани сабабли кўплаб саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Шунинг учун «Солиқчи — кўмакчи» тамойили асосида уларга янгича ишлашни ўргатиш, электрон хизматлар қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди. Солиқ қўмитасига барча ҳудудларда тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориш вазифаси қўйилди.

Солиқ тизими давлат корхоналарини трансформация қилишда фаол иштирок этиши, уларга таннархни пасайтириш ва молиявий барқарорлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши кераклиги айтилди. Солиқ идораларини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича топшириқлар берилди.


