Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

«Асосий ставканинг оширилиши юзага келаётган қисқа муддатли шокларни юмшатишга қаратилган» — Марказий банк

Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 14 фоиздан 17 фоизга оширганди.

Фото: Sputnik

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 14 фоиздан 17 фоизга оширгани ҳақида хабар берилганди. Банк асосий ставканинг оширилиши юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилганини маълум қилди.

Ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девальвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни  таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизга оширилган.

Қайд этилишича, миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилиб, 2021 йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди.

Регуляторга кўра, келгусида бозорда барқарорликни таъминлаш мақсадида тегишли инвервенциялар амалга оширилиб, миллий валюта курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Асосий ставканинг оширилиши ҳам юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган.

Шунингдек, асосий ставкани ошириш ва валюта бозорини барқарорлаштириш бўйича курилаётган жавоб чоралари келгусида инфляцион кутилмаларни жиловлаш ва аҳолининг миллий валютадаги даромадлари харид қобилятини сақлаб қолишга ҳам хизмат қилади.

«Юзага келган вазиятни инобатга олиб, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида ‘нейтраллик тамойиллари’ доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур интервенциялар 2021 йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Марказий банк томонидан макроиқтисодий ривожланиш прогнози ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олиб қайта кўриб чиқилмоқда. Бунда, инфляцион ва девальвацион кутилмаларнинг пасайиши, ички макроиқтисодий шароитларга ташқи босимларнинг пасайиши билан асосий ставка даражаси босқичма-босқич пасайтириб борилади.