Ўзбекистонда келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,0 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Таъкидланишича, 2022 йил февраль ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 14,0 фоизни ташкил этган. Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари эса февраль ойига нисбатан 0,3 фоиз бандга ортиб, 14,6 фоизгача ошган.
Кузатувларга кўра, республика ҳудудларида март ойининг биринчи ярмида энг кўп истеъмол қилинадиган товарлар нархлари — 0,6 фоизга ошган. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,4 фоизга ва хизматлар 0,2 фоизга ўсган.
«Жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётгани, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимоллари ошмоқда», дейилади хабарда.
Бу борада Ҳукумат билан биргаликда ички бозорда маҳсулотлар таклифини кўпайтириб бориш, логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш ва юзага келиши мумкин бўлган узулишларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриб борилиши маълум қилинди.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани оширгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, регулятор макроиқтисодий ноаниқлик ва хатарларни ошираётган омилларни маълум қилди.


