Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда эҳтиёткорона ёндашувни қўллаб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
«Бунда ички валюта бозоридаги ҳолатни кунлик кузатиб, тадбиркорларни, умуман, халқимизни жорий вазият, кутилаётган ўзгаришлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилиш кераклиги таъкидланди», дейилади хабарда.
Шунингдек, инфляция даражасини камайтириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларга тезроқ қайтишини таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этилди.
Аввлароқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов валюта курси, савдо ва молиявий каналлар ҳозирги геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига кўрсатаётган асосий таъсирларидан эканини айтиб ўтганди.


