Россиялик миллиардер Олег Бойконинг оиласи Европанинг тўққизта давлатида истеъмол кредитларини берувчи 4finance компаниясидаги улушини камайтиради. Бу ҳақда компания 21 март куни маълум қилди.
Ҳисоботда айтилишича, яқин вақтгача компаниянинг энг йирик акциядори бўлган Вера Бойко март ойи охиригача ўз улушини 49,05 фоиздан 29,27 фоизга камайтиради.
Вера Бойко миллиардер Олег Бойконинг онаси ва 4finance акцияларига эгалик ҳуқуқи рўйхатдан ўтган оилавий трастнинг бенефициари ҳисобланади. Тадбиркорнинг қариндошлари ва Украина фуқаролари Тарас Бойко, Денис Бойко ва Екатерина Бойко аллақачон 3,3 фоизлик акцияларнинг учта пакетига эга бўлган. Бу ҳафта 9,9 фоиз улуш Швейцариядаги параспорт хайрия ташкилотига ўтказилади.
Келажакда Вера Бойконинг улуши нолга камаяди, 4finance’нинг барча бенефициар эгалари Европа иқтисодий ҳудуди, Буюк Британия ёки Украина фуқаролари ёхуд юридик шахслари бўлади. 4finance ҳисоботида айтилишича, улушни сотиш жараёни 2021 йил охирида бошланган, бироқ Россиянинг Украинага ҳужуми фонида тезлашган.
Олег Бойконинг бойлигини 1,3 миллиард долларга баҳоланмоқда, у Россиядаги энг бой тадбиркорлар рўйхатида 93-ўринни эгаллайди. Унга тегишли Finstar инвестиция ҳолдингининг асосий бизнеси финтех ҳисобланади.
Бойко 2011 йилда латвиялик тадбиркорлар Улдис Арниканс ва Эдгарс Дупатсдан 4finance улушини сотиб олган. Ҳозирда 4finance тўққизта Европа давлатида истеъмол кредитларини чиқаради. 2021 йилда фоиз даромади 296 миллион еврони ташкил этди, бу 2020 йилгидан 4 фоизга кам. Шунингдек, Finstar Европадан ташқари бозорларда, жумладан, Осиё ва Лотин Америкасида фаолият юритувчи DFI финтех компаниясини ҳам бошқаради.
Аввалроқ Гибралтар россиялик миллиардер Дмитрий Пумпянскийнинг яхтасини ҳибсга олгани хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ россиялик 12 нафар депутат ва Песковнинг қариндошларига қарши санкциялар киритгани ҳақида хабар берилди.


