Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск яна бир марта коронавирус билан касалланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда миллиардер Twitter саҳифасида ёзди.
«Мен, эҳтимол, яна унга чалиндим (эҳ!), аммо деярли ҳеч қандай аломатлар йўқ», — деб ёзди миллиардер.
Қайд этиш керакки, 50 ёшли Маск ўтган ҳафта Tesla’нинг Европадаги биринчи автомобиль заводини очиш учун Германияга борган. Тадбирда Германия канцлери Олаф Шольц ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек ҳам иштирок этди. 7 апрель куни худди шундай тадбир Техаснинг Остин шаҳридаги Tesla заводида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Шанхайдаги яна бир Tesla заводи 1 апрелдан бошлаб тўрт кунга ишлаб чиқаришни тўхтатади. Сабаби — Хитой расмийлари шаҳарни оммавий синовдан ўтказиш учун карантин жорий этишга қарор қилган.
Маск биринчи марта 2020 йил ноябрида коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда у «енгил шамоллаш аломатлари билан» ўртача даражада касал эканини маълум қилган.
Аввалроқ Илон Маск янги ижтимоий тармоқ яратиш ҳақида ўйлаётгани хабар қилинганди.


