АҚШ Президенти Жо Байден миллиардерлар даромадидан 20 фоиз солиқ ундиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Байден маъмурияти душанба куни эълон қилинадиган 2023 йилги бюджет режасининг бир қисми сифатида «миллиардерлар учун минимал даромад солиғи»ни таклиф қилмоқда.
Солиқ активлари 100 миллион доллардан ортиқ бўлган АҚШ уй хўжаликларига нисбатан қўлланилади — АҚШда бундай хўжаликлари сони 700 тадан ортиқ. Янги қонунга тааллуқли бўлганлар бозор баҳосидан ўтиши, яъни солиқ хизматига активлари бўйича даромад ҳисоботини тақдим этиши керак бўлади.
Агар солиқ жорий этилса, келгуси ўн йил ичида бюджет тақчиллигини тахминан 360 миллиард долларга қисқартириши кутилмоқда.
«Миллиардерлар учун минимал даромад солиғи»га қаршилар орасида янги солиқ ўрнига энг бадавлат америкаликлар учун даромад солиғи қўшимчасини таклиф қилган Вакиллар палатасининг йўллар ва воситалар қўмитаси раиси Ричард Нил ва янги таклифнинг аниқ эмаслигини қайд этган сенатор Жо Мэнчин бор.
АҚШ маъмуриятининг маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2018 йилгача 400 та энг бадавлат америкалик оилалар ўртача 8,2 фоиз федерал даромад солиғини тўлаган, бу 1,8 триллион доллар даромаддан иборат.
АҚШ сенаторлари 2021 йили «миллиардерларга солиқ» жорий этишни таклиф қилганди. Таклиф этилаётган режага кўра, улар активлари 1 миллиард доллардан ортиқ ёки йиллик даромади 100 миллион доллардан ортиқ бўлган 700 га яқин солиқ тўловчидан солиқ ундирмоқчи бўлган. Солиқ ставкаси 23,8 фоизни ташкил қилиши керак эди.
Қонунга АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп қарши чиқди, у солиқ йиғимларининг кўпайиши миллиардерларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилади, деб ҳисоблади. Tesla асосчиси Илон Маск ҳатто 100 фоиз ставка ҳам АҚШ қарзи муаммосини ҳал этмаслигига ишора қилиб, қарши чиқди.
Аввалроқ АҚШ ҳукумати Трамп компаниясига 375 миллион долларлик меҳмонхонани сотишга рухсат бергани хабар қилинганди. Шунингдек, АҚШ Зеленскийнинг маслаҳати билан Абрамовичга қарши санкция қўлламагани ҳақида хабар берилди.


