Билл Гейтснинг Breakthrough Energy венчур фонди сийраклаштирилган ҳаводан сув ажратиб оладиган гидропанеллар ишлаб чиқарувчи Source Global компаниясига сармоя киритди. Бу ҳақда CNBC ёзмоқда.
Маълум қилинишича, компаниянинг бошқа инвесторлари орасида BlackRock, Duke Energy ва Lightsmith Group бор. Source Global панеллари 52 та мамлакатда 450 та турли лойиҳалар доирасида ўрнатилган.
Компания бош директор Коди Фризен 2014 йилда Аризона штати университети қошидаги Ира А. Фултон Муҳандислик мактабида ишлаган пайтида гидропанелларни яратган. Бир йил ўтгач, у Source Global деб номланган стартапни ишга туширган.
Битта гидропанель тахминан 2000 доллар туради. Бу тўғри бурчакли экран бўлиб, у ҳаводаги буғни ўзига сингдиради ва қуёш энергиясидан фойдаланиб ундан намлик олади. 2018 йилда стартап Кенияда ўз сув манбасига эга бўлмаган Samburu Girls жамғармаси аъзолари учун биринчи 40 та гидропанелни ўрнатган.
Фризеннинг айтишича, технология Ҳиндистон каби жойларда жуда зарур, бу ерда расмий ҳисоб-китобларга кўра, 800 мингта қишлоқ тоза ичимлик сувисиз яшайди. У, шунингдек, 2025 йилга бориб «ер юзи аҳолисининг ярми сув танқислигига учраган ҳудудларда яшаши» ҳақида ЖССТ ҳисоботини тилга олди.
Аввалроқ Билл Гейтс кейинги пандемияга қайси вируc сабаб бўлишини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Билл Гейтс ҳамкори билан «яшил» энергия ишлаб чиқарувчи стартапга 50 миллион доллар сармоя киритиши ҳақида хабар берилди.


