Илон Маскнинг айтишича, Tesla футуристик дизайнга эга бўлган ўзи бошқариладиган таксиларни ишлаб чиқади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Маск бу ҳақда Техасдаги Tesla заводи очилишида маълум қилган.
«Лойиҳа жуда катта. Тўлиқ ўзини ўзи бошқаради. Бу ҳақиқий робот такси бўлади», — деди тадбиркор.
Миллиардернинг айтишича, 2022 йил Tesla Шимолий Америкадаги барча харидорларига Full Self-Driving бета-дастурини тақдим этади.
Tesla энди ҳайдовчига ёрдам беришнинг илғор тизимларини 12 минг долларга сотмоқда ва бу кўпроқ хусусиятларни ваъда қилмоқда. Шу билан бирга, компания дастурий таъминот унинг автомобилларини автоном қилмаслиги ва ҳайдовчидан назорат талаб қилишини таъкидлмоқда.
Қайд этилишича, 2020 йил охирида ишга туширилган тизимнинг бета-версияси автомобилларга шаҳар кўчаларида яхшироқ ҳаракатланиш имконини яратишга қаратилган. 2022 йил январига келиб, у АҚШда 60 мингга яқин автомобилларга ўрнатилди.
Маск 2019 йилда 2020 йилгача АҚШнинг баъзи шаҳарларида ҳайдовчисиз робот таксиларни ишга туширишга ваъда берган эди. 2022 йил январь ойида миллиардер агар бу йил унинг компанияси инсондан кўра хавфсизроқ ҳайдаш тизимини ярата олмаса, «ҳайратда қолишини» айтди.
Аввалроқ Waymo компанияси АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида салонида ҳайдовчи бўлмаган ўзи бошқарадиган такси хизматини ишга туширишга тайёрлиги маълум қилинганди.
2021 йилнинг Август ойида Waymo Сан-Францискода ҳайдовчилар кабинада бўлган ҳолда ўзи бошқарадиган таксиларни бепул синовдан ўтказа бошлаганди. Такси сифатида Jaguar электромобиллари ишлатилган.


