Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Хитойда коронавирусдан зарар кўрган тармоқлар молиявий қўллаб-қувватланади

Хитой Марказий банки 23 та қўллаб-қувватлаш чора-тадбирини таклиф қилди.

Фото: Dailysabah

Хитой Халқ банки мамлакатдаги COVID-19 эпидемиясидан жабр кўрган тармоқлар, компаниялар ва жисмоний шахслар учун йирик молиявий қўллаб-қувватлаш режасини эълон қилди. Бу ҳақда банк расмий сайтида хабар берилди.

Умуман олганда Хитой Марказий банки 23 та қўллаб-қувватлаш чора-тадбирини таклиф қилди — маҳаллий банклар ушбу таклифларга амал қилиши, кредитларни фаол равишда бериши ва уларнинг шартларини юмшатиши керак.

Халқ банки томонидан таклиф этилаётган чора-тадбирлар қаторида такси ҳайдовчилари ва кичик интернет-дўконлар эгалари каби мослашувчан бандликка эга бўлган фуқароларни кредитлашни кенгайтириш, кичик бизнес учун имтиёзли кредит шартлари, пандемиядан жабр кўрган жисмоний ва юридик шахслар учун кредит тўловларини кечиктириш ва бошқалар киради.

Бундан ташқари, Халқ банки жами бир триллион юанга тенг бўлган қарз бериш дастурини кенгайтириб, банкларнинг ўзини зарар кўрган тармоқларга кредит бериш учун қўшимча маблағлар билан таъминлади (157 миллиард доллар).

COVID-19 авж олиши

Март ойидан бери Хитойда COVID-19 ҳолатлари сони ортиб бормоқда. Бир қатор вилоят ва шаҳарларда, шу жумладан Шанхайда ҳам ишлаб чиқариш ва умуман иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатувчи чекловлар жорий этилди.

Март ойида мамлакатда чакана савдо ҳажми 2020 йилдан бери биринчи марта — 3,5 фоизга камайди. Бу ойда ишсизлик даражаси 5,8 фоизгача кўтарилди, бу 2020 йил май ойидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга, Хитой ялпи ички маҳсулоти биринчи чоракда 4,8 фоизга ўсди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, касаллик юқтирганлар сонининг кўпайиши ва иккинчи чоракда касалланишни чеклаш бўйича жуда қаттиқ сиёсат туфайли Хитой иқтисодиёти учун оқибатлар сезиларли бўлиши мумкин.