Ўзбекистонда аҳоли даромадлари ярим йилда 9,2 фоизга ўсди
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида аҳоли жон бошига тўғри келган умумий даромад 16,1 миллион сўмни ташкил этди.
2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда аҳолининг умумий даромадлари 618,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси дастлабки маълумотларни эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, инфляция ҳисобга олинганда, аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,2 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки олти ойида аҳоли жон бошига тўғри келган умумий даромад 16,1 миллион сўм бўлган.
Мазкур кўрсаткичнинг номинал ўсиш суръати 14,5 фоиз, инфляция ҳисобга олинган реал ўсиш суръати эса 7,3 фоиз даражасида қайд этилган.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 12 миллион 13,9 минг сўм. Иккинчи ўринда Навоий вилояти 8 миллион 722,7 минг сўм билан қайд этилган.
