Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Шавкат Мирзиёевга Самарқандда электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклиф қилинди

Шавкат Мирзиёев ушбу таклифга қандай муносабат билдиргани маълум эмас.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тақдимотда Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилган. Шавкат Мирзиёев ушбу таклифга қандай муносабат билдиргани маълум эмас.

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.

Президент йўллар қуриш ва таъмирлаш билан бирга уларни сифатли сақлаш ҳам зарурлигини таъкидлади. 

«Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, Президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказилди.