Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Билл Гейтс пандемия таҳдидларини аниқлаш учун ташкилот яратишни таклиф қилди

Маълумот учун, 2020 йил январь ойи охиридан бери дунё бўйлаб 6,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусдан вафот этди.

Фото: Райан Лэш / TED

Microsoft асосчиси Билл Гейтс келажакдаги пандемиянинг олдини олиш учун халқаро экспертлар гуруҳини йиғишни таклиф қилди. Улар орасида турли сценарийларни моделлаштиришга қодир эпидемиолог ва дастурчилар бўлади.

Билл Гейтс бу ташкилотни ЖССТ бошқариши кераклигини ҳам айтди, деб ёзади Financial Times. У ЖССТни молиялаштириш оширилишига шубҳа борлигини тан олди. Тадбиркор томонидан таклиф этилаётган ташкилот ўз харажатлари учун йилига тахминан 1 миллиард доллар талаб қилади.

«Йиғилган пул миқдори фойда билан солиштирганда жуда кичик ва бу синов бўлади: АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар мураккаб, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар бундан ҳам мураккаб бўлган даврда ҳам глобал институтлар янги масъулиятни аъло даражада бажара оладими?» — деди миллиардер.

Маълумот учун, 2020 йил январь ойи охиридан бери дунё бўйлаб 6,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусдан вафот этди.

«Биз бу фожиага юзаки қараб, дунё фуқаролари манфаати учун инвестициялар киритмаганимиз мен учун маънисиз», — деди Гейтс.

Гейтснинг коронавирус атрофидаги мулоҳазалари

Гейтс The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида «дунё янги пандемияга тайёргарлик кўриш учун етарли ҳаракат қилмаяпти», деди.

Унинг фикрича, вакцина 100 кун ичида тайёрланиши ва келгуси 100 кун ичида уни ишлаб чиқариш учун етарли қувватга эга бўлиши керак, бу эса дунё эҳтиёжларини қоплайди. Гейтс бу вазифани бажариш мумкинлигига амин.

Шунингдек, Гейтс дунё унинг мумкин бўлган пандемия ҳақидаги огоҳлантиришларини эшитишга «жуда кеч» бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Гейтс 2015 йилдаёқ дунёнинг пандемияга тайёр эмаслиги ҳақида гапирган, бироқ «ҳеч ким вазиятни тузатишга уринмаган».

Февраль ойида Билл Гейтс яна пандемиянинг олдини олиш ҳақида китоб ёзаётганини эълон қилди. Асар 2022 йилнинг май ойида чиқарилиши кутилмоқда.

Китобда миллиардер вакциналар, уларнинг касалликни олдини олишдаги роли ҳақида ўз нуқтаи назарини тақдим этишни ва фитна назариялари қаҳрамони бўлиш қандай экани ҳақида гапиришни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Билл Гейтс кейинги пандемияга қайси вируc сабаб бўлишини айтганди.

Миллиардер коронавирус дунё бўйлаб кенг тарқалишига олимларни ҳам қайсидир маънода айбдор қилиб кўрсатди.

«Агар олимлар илгарироқ даво ишлаб чиқа олганларида коронавирус пандемияси жуда бошқача бўлар эди», — деб ёзди Гейтс бундай ҳолатда ўлим даражаси паст бўлишини қўшимча қилиб.

Гейтс терапевтик воситалар келажакда вирус тарқалишининг олдини олиш учун жуда муҳим эканига эътибор қаратди, шунинг учун уларни келажакда ишлаб чиқаришни кечиктирмаслик керак, деб ҳисоблайди у.