Uniqlo кийим-кечаклар тармоғи асосчиси Тадаши Янаи Американинг Forbes журнали талқинига кўра Япониядаги энг бой тадбиркорга айланди. Нашр 50 нафар энг бадавлат япониялик рейтингининг янгиланган версиясини эълон қилди.
Янаи яна пешқадамликка қайтди. У 2019 ва 2020 йилларда рўйхатда биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда иккинчи ўринга тушиб кетганди.
Гарчи унинг бойлиги 2021 йилги рейтингга нисбатан 44 фоизга камайган бўлсада – рўйхат тузилаётганда 23,6 миллиард долларга баҳоланган эди.
«Ички бозор ва Хитойда сотувларнинг секинлашиши Uniqlo бош компанияси Fast Retailing акциялари қийматига таъсир қилди», деб тушунтирди Forbes.
Иккинчи ўринда Keyence сенсор ишлаб чиқарувчиси асосчиси Такемицу Такизаки турибди, унинг бойлиги 21,6 миллиард долларни ташкил қилади. Бу 2021 йилга нисбатан 4,2 миллиард долларга кам. Такизаки биринчи марта энг бой японияликлар рейтингида бундай юқори поғонага кўтарилди.
Учинчи ўринда 2021 йилги етакчи, SoftBank асосчиси Масаёши Сон банд қилган. Унинг бойлиги йил давомида рўйхатдаги бошқа иштирокчиларникидан ҳам пул, ҳам фоиз нисбатида кўпроқ камайди. Соннинг бойлиги икки баробардан кўпроққа қисқариб, 21,1 миллиард долларга тушган.
Япония бизнеси 2021 йилда
Япония иқтисодиёти ва маҳаллий компаниялар учун 2021 йил энг яхши йил бўлмади. Иена долларга нисбатан 17 фоизга, Nikkei 225 фонд индекси эса 12 фоизга тушиб кетди.
Шу сабабли, Япониядаги 50 та энг бадавлат ишбилармонларнинг умумий бойлиги йил давомида деярли учдан бир қисмга қисқариб, 170 миллиард долларга тушди.
Рўйхатдаги 50 та тадбиркордан 38 тасининг капитали камайди. Уларнинг фақат уч нафари бойлигини оширишга муваффақ бўлди.
Олти нафар янги ишбилармон Forbes рейтингига киритилди ва уч нафари 2021 йилда рўйхатдан тушиб қолганидан сўнг яна ретйингга қайтди.


