Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Баскетболчи Леброн Жеймс миллиардерга айланди

Леброн 2021 йилда жами 121,2 миллион доллар ишлаб топди, унинг умумий бойлиги 1 млрд долларга баҳоланди.

Фото: Tim Nwachukwu / Getty Images

Forbes журнали баскетболчи Леброн Жеймсни миллиардер деб тан олди. Нашр маълумотларига кўра, Леброн 2021 йилда жами 121,2 миллион доллар ишлаб топган ва унинг умумий бойлиги 1 миллиард долларга баҳоланган.

Маълумот учун, 37 ёшли Леброн Жеймс 4 карра NBA ва икки карра Олимпиада чемпиони ҳисобланади. Леброн миллиардерлар рўйхатига кирган биринчи NBA баскетболчиси бўлди.

Forbes 2014 йилда баскетболчи Майкл Жорданни ҳам миллиардер деб тан олганди, аммо бу вақтга келиб Жорда 11 йиллик спорт карьерасини якунлаган.

Леброн Жеймс 2014 йилда GQ нашрига берган интервьюсида миллиардер мақомига эришиш унинг асосий мақсадларидан бири эканини айтганди.

«Шубҳасиз, мен бизнесимни максимал даражада ривожлантиришни хоҳлайман. Агар бунга эриша олсам, миллиардер спортчи бўлсам — ура! Худойим, мен жуда хурсанд бўламан», — деганди спортчи.

Даромад манбаи

Forbes маълумотларига кўра, Леброн Кливленд Кавальерс», «Майами Хит» ва «Лос-Анжелес Лейкерс» жамоаларидан жами 385 миллион доллардан кўпроқ маош олган. Майдондан ташқарида у реклама ва бизнесдан 900 миллион долларга яқин даромад олди.

Forbes 2022 йилда Лебронни дунёдаги иккинчи энг кўп даромад оладиган спортчи деб эълон қилди.

Уни фақатгина 130 миллион доллар ишлаб топган футболчи Лионел Месси ортда қолдирган, холос. Майдон ташқарисида эса Мессининг даромади Лебронникидан 25 миллион долларга кам, аммо маоши 33,8 миллион долларга кўп.

Жеймс нафақат реклама шартномаларида ғалаба қозонади, балки кўпинча реклама қилинган брендларнинг эгаларидан бирига айланади. Масалан, у тез ўсиб бораётган Blaze Pizza фаст фуд тармоғига сармоя киритди ва Tonal жисмоний машқлар ускуналари ишлаб чиқарувчиси, шунингдек, Lyft такси агрегаторининг улушини сотиб олди.