Coca-Cola компаниясининг Россиядаги дистрибютори Coca-Cola HBC бундан буён Россияда бренднинг ичимликлари ишлаб чиқарилмаслиги ва сотилмаслигини эълон қилди. Хўш, Ўзбекистондаги Coca-Cola заводлари Россия бозорига маҳсулот экспорт қилиши кутилмоқдами? Kommers.uz ушбу масала бўйича Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров билан суҳбатлашди.
Мухтор Умаровнинг маълум қилишича, экспорт масаласи «сиёсий вазиятдан ҳимояланиш мақсадида» сир тутилади.
«Ўзбекистондаги Coca-Cola компаниясининг раҳбари билан гаплашганимда улар Қозоғистон ёки Россияга экспорт масалалари дунёда кузатилаётган сиёсий вазиятдан ҳимояланиш мақсадида очиқланмаслигини маълум қилди», — дейди Умаров.
Унинг қайд этишича, Coca-Cola’нинг Ўзбекистонда заводларни кўпайтириш бўйича бир нечта лойиҳалари бор.
«Мисол учун, Самарқанд ва Фарғонада заводлар қуриш ҳамда мавжуд заводларни модернизация қилиш ишларига бир неча миллион доллар маблағ ажратилиб, ишлар бошланди», — дейди раис.
Мухтор Умаровнинг сўзларига кўра, бошқа маҳаллий брендларда муаммолар йўқ: улар ўз маҳсулотларини экспорт қилишда давом этмоқда. Россияда баъзи маҳсулотларга талаб ошган. Бу бўйича ҳеч қандай муаммо кузатилмаяпти.

Ассамблея раисининг айтишча, «аввал Россия компанияларида танлов имконияти кўп эди, лекин ҳозир ҳолат олдингидек эмас».
«Ҳозирда Россиядан Ўзбекистонга кираётган компанияларнинг сони ортган. Мисол учун, текстиль маҳсулотларига ҳам талаб ошган. Аввал Россия компанияларида танлов имконияти кўп эди, лекин ҳозир ҳолат олдингидекмас. Шунинг учун, кўп компаниялар ўзлари келиб, миллий маҳсулотларимизни сотиб олиш ҳолатлари анча ўсган», — дейди Мухтор Умаров.
Coca-Cola’нинг Россиядаги фаолияти ва муқобиллар
Март ойи бошида Coca-Cola Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Кейинроқ компания бош директори Жеймс Квинси Coca-Cola Россиядан «қачондир бутунлай чиқиб кетиши» мумкинлигини айтди.
Москва вилояти ҳукумати раиси ўринбосари Георгий Филимонов аввалроқ Megapack компанияси Cоcа-Cола ўрнига Funky Monkey бренди остида газли ичимлик ишлаб чиқаришни бошлаганини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, нарх хорижий компания ишлаб чиқарган маҳсулотдан 10-15 фоизга паст бўлади.
Айрим маълумотларга кўра, Россияда Coca-Cola ва Fanta ўрнига Funky Monkey Cola ва Funky Monkey Orange пайдо бўлади, улар янги дизайндаги шишаларда сотилади.
Янги ичимликлар таъми жиҳатидан аввалгилари билан бир хил бўлади, лекин турли номлар қатори ёрлиқларда ҳам қулоқчин ва қалпоқдаги маймун кўрсатилади.

Умуман олганда, мамлакатда тўққизта минтақа — Москва, Шелково, Истра, Санкт-Петербург, Ростов-на-Дону, Самара, Екатеринбург, Новосибирск, Красноярск ва Владивостокда жами 10 та Coca-Cola заводи мавжуд.
Coca-Cola HBC Россияда Coca-Cola, Fanta, Sprite, Bon Agua, Burn, Fuzetea, Rich, Schweppes, Powerade ва бошқа брендлар остида ичимликлар ишлаб чиқаради.


