Дунёдаги энг бой 10 кишидан бири, Google компанияси ҳаммуассиси Сергей Брин Николь Шанахан билан ажрашиш учун ариза берди. Bloomberg томонидан тақдим этилган суд ҳужжатларида ажрашишга эр-хотиннинг муросасиз келишмовчиликлари сабаб сифатида келтирилган.
Маълум қилинишича, жуфтлик ажралиш тафсилотларини сир сақлашга ҳаракат қилиб, суддан ҳужжатларни муҳрлашни сўраган. Ажралиш ҳақида аввалроқ Business Insider ҳам хабар берган эди.
«Муносабатларнинг юқори даражадаги табиати туфайли, уларнинг ажралиш иши ва болаларнинг васийлик билан боғлиқ ҳар қандай муаммоларига жамоатчилик қизиқиши катта бўлиши мумкин», дейилади суд баёнотида.
Эр-хотиннинг уч ёшли ўғли бор. Сергей Брин рафиқаси билан уч йил яшади.
Сергей Брин бойлиги
Forbes Real Time рейтингига кўра, Сергей Бриннинг бойлиги 89,5 миллиард долларни ташкил этади, у дунёнинг энг бой одамлари рейтингида еттинчи ўринни эгаллаган.
Брин бойлигининг асосий қисми 1998 йилда Ларри Пейж билан ҳамкорликда асос солган Google’нинг бош компанияси Alphabet’га тўғри келади. 2021 йили Ларри Пейж ва Сергей Брин 2017 йилдан бери биринчи марта компания акцияларини сотишни бошлади.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг май ойидан буён ҳар бири 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ тўплаган.
Пейж ва Брин 2019 йилда Alphabet’ни тарк этди, лекин ҳали ҳам директорлар кенгашида қолишмоқда ва акциялар назорат пакетининг эгалари ҳисобланади.
Ажрашиш келишилганми?
Сан-Францискодаги Sideman & Bancroft LLP «партнер»и Моника Маццеи айтганидек, Брин ва Шанаханнинг никоҳдан олдинги келишуви борлиги эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки уларнинг муносабатлари Брин миллиардер бўлганидан кейин бошланган.
Унинг сўзларига кўра, Шанахан томонидан асос солинган Bia-Echo Foundation хайрия ташкилоти ажралишда роль ўйнаши мумкин. 2019 йилдаги сўнгги ҳисоботга кўра, фонд 16,7 миллион доллар активга эга ва 7,4 миллион доллар грант олган.
Моника Маццеининг таъкидлашича, ажралиш тўғрисидаги битимлар кўпинча собиқ турмуш ўртоғининг хайрия фаолиятини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, чунки бу ўзаро манфаатли: пулни тақдим этган шахс солиқ имтиёзларига ва грант олувчи эса уларнинг хайрияларини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Солиқ декларациясига кўра, Брин фондга ягона ҳисса қўшган, яъни 23 миллион доллар хайрия қилган.


