Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Криптомиллиардер Бэнкман-Фрид иккита компаниясини сақлаб қолиш учун 750 млн доллар ажратди

Alameda Voyager Digital’ни 500 миллион доллар билан таъминлайди.

Фото: Bloomberg

FTX криптобиржаси раҳбари, криптомиллиардер Сэм Бэнкман-Фрид иккита рақамли валюта компанияси — BlockFi ва  Voyager Digital’ни сақлаб қолиш учун қутқарув шартномаларини имзолади. Бу ҳақда CNBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Alameda Voyager Digital’ни 500 миллион доллар билан таъминлайди. BlockFi учун 250 миллион долларлик айланма кредит линияси очилади.

Бэнкман-Фриднинг сўзларига кўра, молиялаштириш BlockFi’га бозорда «кучли позициядан чиқишга» ёрдам беради. У рақамли активлар экотизимини ва унинг мижозларини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб билишини таъкидлади.

Июнь ойининг бошида BlockFi ўз ходимларининг 20 фоизини ишдан бўшатишини маълум қилди. The Block блокчейн нашри BlockFi маблағ йиғиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, битим давомида компаниялар 1 миллиард долларга баҳоланган бўлса, 2021 йилда у 3 миллиард долларга баҳоланган эди.

BlockFi асосчиси ва бош директори Зак Принснинг таъкидлашича, FTX келишуви шунчаки ҳаёт йўли эмас, бу икки компания ўртасидаги келажакдаги ҳамкорлик ва инновацияларнинг бошланиши бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил дунёдаги энг бой криптомиллиардерлар учлигига Чангпэнг Чжао, Сэм Бэнкман-Фрид ва Брайан Армстронг киритилган.