Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Миллиардерлар

Нидерландиядаги тарихий кўприк Безоснинг супер яхтаси сузиб ўтиши учун демонтаж қилинмайдиган бўлди

Нидерландиянинг Oceanco компанияси кўприкни қисман демонтаж қилиш учун ариза бермаган.

Фото: EPA

Роттердам ҳукумати февраль ойида Конингшавен тарихий кўпригини Amazon асосчиси Жефф Безоснинг янги супер яхтаси унинг остидан ўтиши учун қисман демонтаж қилишга рози бўлганди. Шаҳар вице-мери Винцент Карреманс ўз мактубида маълум қилишича, Роттердамдаги кўприк демонтаж қилинмайди.

Эълон қилинган хатга кўра, яхтани қурувчи Нидерландиянинг Oceanco компанияси кўприкни қисман демонтаж қилиш учун ариза бермаган.

Кема ва кўприк

Безоснинг янги яхтаси узунлиги 127 метр бўлган дунёдаги энг катта елканли яхталардан бири бўлади. Яхта Нидерландиянинг Алблассердам шаҳридаги Oceanco кемасозлик заводида қурилмоқда.

Уни 2022 йилда мижозга топшириш режалаштирилган. Океанга чиқиш учун кема Роттердамгача етиб боради ва Конингшавен кўприги остидан ўтади, дея тахмин қилинганди.

Бунинг учун 1927 йилда қурилган кўприкнинг марказий қисмини демонтаж қилиш керак эди — акс ҳолда унинг остига баланд устунли яхта сиғмайди.

Аҳоли норозилиги

Февраль ойида Роттердам ҳукумати эски кўприкни қисман демонтаж қилишга рози бўлди.

Бироқ бу аҳолининг норозилигиин келтириб чиқарди — ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларда миллиардернинг супер яхтаси Роттердамда пайдо бўлган вақт унга тухум улоқтиришга чақириқлар бўлди.

Намойишларга жавобан шаҳар ҳокимияти кўприкни демонтаж қилиш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини маълум қилди.

Нима учун Oceanco кўприкни олиб ташлаш учун рухсат сўрамагани аниқ эмас. Аввалроқ Trouw газетаси компания кемага нисбатан вандализм ҳаракатлари содир этилишидан қўрқиши ҳақида ёзган эди.

Безоснинг яхтаси энди океанга қандай тушиши ҳам номаълум. Oceanco ва Amazon изоҳ сўровларига жавоб бермаган.