Франция миллий молия прокуратураси (ММП) 1 июль куни «Владимир Путинга яқин россиялик олигархлар» томонидан мамлакатда сотиб олинган мол-мулклар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини бошлади. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар берди.
Нашр ундаги маълумотлар ММП томонидан «тасдиқланганини» қайд этди. Воқеадан хабардор TF1 телеканали ва Le Figaro газетасининг манбалари ҳам тергов бошланганини хабар қилди.
Le Parisien нашрининг ёзишича, гап уюшган гуруҳ таркибида пул ювиш, коррупция, давлат маблағларини ўғирлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашни «оғирлаштирувчи ҳолатлар» билан текшириш ҳақида бормоқда.
«Тергов ҳаракатлари Audit Transparency International ташкилоти (Россия Адлия вазирлиги Россия Transparency International’ни хорижий агент ташкилотлари реестрига киритган) 2022 йил май ойида россиялик ишбилармонлар бойликларининг келиб чиқиши бўйича ўз текширувини тақдим этганидан кейин бошланди», деб хабар беради TF1.
Transparency Internationalning’нинг Франция бўлими май ойида ММПга мурожаат билан чиққан.
Le Monde газетаси ёзишича, шундан сўнг ташкилот Франциядаги «олигархлар»нинг кўчмас мулкларига эътибор қаратиб, пул ювиш, ресурсларни асоссиз сарфлаш, маҳсулот ўғирлаш ва бу жиноятларга шериклик ҳолатларини текширишини эълон қилган
Франция Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан ЕИ томонидан Россияга қарши жорий қилинган барча санкцияларга қўшилди.
«Апрель ойи охирига келиб мамлакат ҳукумати россияликларнинг ўз ҳудудидаги 23,7 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди», деб ёзади Le Figaro.
Апрель ойида миллиардер Роман Абрамовичнинг Кот-д’Азурдаги вилласи, шунингдек, миллиардер Олег Дерипаска ва тадбиркорлар Муса Бажаев ва Forbes рўйхатининг собиқ аъзоси Кирилл Шамаловнинг (Россиядаги энг бадавлат тадбиркорлар рейтингида 151-ўрин) Франциядаги уйлари хатланган эди.


