Энг бой украиналик бўлмиш Ринат Ахметовнинг бойлиги 64 фоизга камайди, аммо у ҳамон мамлакатнинг энг бой инсони бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.
Ахметов 2022 йил бошидан июль ойигача металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва оммавий ахборот воситаларидаги активларининг бир қисмини йўқотди ва унинг бойлиги 13,7 миллиард доллардан 4,9 миллиард долларга камайди.
Тадбиркорнинг асосий бизнеси — «Метинвест» компанияси (3 миллиард долларга баҳоланган, шундан 2,25 миллиардлик активлар Ахметовга тегишли) ўз қийматининг учдан икки қисмини йўқотди. Компания иккита асосий корхонаси — «Азовсталь» ва «Ильич» номидаги Мариупол темир-пўлат заводидан айрилди.
2021 йилда бу корхоналар 8,6 миллион тонна пўлат ишлаб чиқарди, бу эса «Метинвест» умумий ишлаб чиқаришининг 90 фоизини ва Украинанинг барча металлургия маҳсулотларининг 40 фоизини ташкил қилади.
Ахметов, шунингдек, Украина сиёсати ва иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатадиган ҳамда оммавий ахборот воситаларига эгалик қилувчи шахсларни «олигарх» сифатида тан олишни назарда тутувчи янги қонун сабаб медиа бизнесидан воз кечди.
Ахметовнинг медиа активлари таркибига «Медиа Группа Украина» кирган (қиймати 200 миллион доллар). У ўнта сунъий йўлдош ва телевизион канал, «Сегодня» интернет ресурси, Vogue веб-сайти ва журнали, Oll.tv онлайн кинотеатри ва Xtra TV сунъий йўлдош платформасини ўз ичига олган.
Forbes Ахметовга қарашли Украинанинг энг йирик энергия ишлаб чиқарувчиси ДТЭКнинг қиймати ҳозирда 580 миллион долларни ташкил этишини маълум қилди.
Ахметовнинг транспорт активлари нархи 160 миллион долларга баҳоланган, аммо миллиардернинг Valerie яхтаси 89 миллион еврога сотувга қўйилган. Энг бой украиналикка тегишли «Шахтёр» футбол клубининг қиймати эса 150 миллион долларгача пасайган.
Forbes маълумотларига кўра, аввалги дивиденд тўловларига асосланиб, тадбиркорнинг нақд пул ва бошқа ликвид активлар 300 миллион долларни ташкил қилиши мумкин.
Ринат Ахметовнинг «Систем Кэпитал Менеджмент» инвестиция компанияси матбуот хизмати таъкидлашича, уруш даврида активларни ҳар қандай баҳолаш нотўғри ҳисобланади. Уларнинг қайд этишича, зарарни аниқлаш кейинроқ амалга оширилади ва йўқотишлар ўнлаб миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.
Аввалроқ Украиналик миллиардерлар уруш бошланганидан бери қанча бойлик йўқотгани маълум қилинган эди. Маълумотларга кўра, Украиналик миллиардерларнинг бойлиги Россиянинг мамлакатдаги уруши бошланганидан бери умумий ҳисобда 9,7 миллиард долларга (45 фоизга) камайган.


