Йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларида 45 та ҳолатда 34 триллион 575 миллиард 200 миллион сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари томонидан соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама қилинган.
Унга кўра, 2021 йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш, яъни автомобиль йўллари соҳасидаги лойиҳаларни қуриш-таъмирлаш, эксплуатация қилиш ва йўл хўжалигидаги ташкилотларни сақлаш мақсадида 10 триллион 100 миллиард сўм ажратилган.
Ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармаларининг 2021 йил якунлари бўйича умумий тушумлари 4 триллион 276 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 2021 йилда 4 триллион 49 миллиард сўм маблағ сарфланган.
2022 йилда эса 7 триллион 800 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилган. Йилнинг биринчи ярим йиллигида ажратилган маблағларнинг 3 триллион 194 миллиард сўми ёки йиллик режага нисбатан 41 фоизи ўзлаштирилган. Ажратилган маблағлар ҳисобига ҳисобот даврида 3 минг 317,6 километрдан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва 17 минг 382 километрдан ортиқ ички йўлларда қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Қайд этилишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари 45 та ҳолатда 34 миллиард 575 миллион сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланганини кўрсатган. 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23 миллиард 177 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят иши қўзғатилган.
Мисол учун, Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 «Ғурумсарой–Хонобод–Чодак–Гулистон» автомобиль йўлининг 10–37 км қисмида лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда «Наманган кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 миллиард сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 474 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланганди. Унга кўра, 8 та ҳолатдаги қарийб 474 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳисоботдан чиқарилган. Яъни, содда тилда айтганда, бу пуллар пудратчи корхоналарга тўлаб берилмайди.


