Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Тошкент ҳалқаро аэропортидаги таксичилар муаммоси: Uzbekistan Airports бу бўйича қандай чоралар кўрмоқда?

Автотураргоҳлар ҳокимликдан Uzbekistan Airports балансига ўтказилмоқда. Kommers.uz мухбирининг хабар беришича, такси хизматини ташкил этиш бўйича аукцион ғолиби аниқланган. Аэропорт ҳудудида фақатгина ушбу корхона фаолият кўрсатиши мумкин бўлади.

Фото: Uzbekistan Airports матбуот хизмати

Uzbekistan Airports Тошкент ҳалқаро аэропортидаги таксичилар муаммоси юзасидан қатор чоралар кўрилаётгани, автотураргоҳлар ҳокимликдан Uzbekistan Airports балансига ўтказилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Kommers.uz мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, йўловчилар ва кузатувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учиб келиш зали олдидаги майдонни реконструкция қилиш, автотураргоҳларни автоматлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Иш учиб келиш зали олдидаги кичик автотураргоҳдан бошланган, сўнгра учиб келиш зали олдидаги майдон реконструкция қилинади, лойиҳага кўра, у уч қисмга бўлинган — тўхташ жойи пиёдалар ҳудуди (скамейкалар, фаворалар, яшил ҳудудлар) ва алоҳида такси йўлаклари.

Шунингдек, бошланган ишлар билан бир вақтда автотураргоҳларни Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти балансига ўтказишнинг якуний босқичи давом этмоқда.

Ҳозиргача Uzbekistan Airports томонидан «Давлат активларини бошқариш маркази» давлат унитар корхонаси билан автотураргоҳларни қабул қилиш ва топшириш далолатномаси имзоланган, шунингдек, уларга кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштириш учун тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.

Шу билан бирга, ягона акциядор — Молия вазирлиги томонидан автотураргоҳ нархини Uzbekistan Airports АЖ устав капиталига киритиш тўғрисида қарор тайёрланмоқда.

Автотураргоҳларни реконструкция қилиш доирасида Uzbekistan Airports компанияси томонидан автотураргоҳ учун ускуналар харид қилинган, уларни ўрнатиш яқин кунларда бошланиши айтилган. Сотиб олинган тизим ходимлар иштирокисиз кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради.

Маблағлар автоматлаштирилган онлайн касса терминалида нақд пулда, шунингдек, нақд пулсиз банк карталари ва мобил тўлов иловалари орқали қабул қилинади. Бошқарув компанияси автотураргоҳнинг жойлашуви ва давомийлигини (соат, кун) ҳисобга олган ҳолда тарифларнинг мослашувчан тизимини ишлаб чиқаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, тизимда автотураргоҳни олдиндан банд қилиш, шунингдек, масофадан туриб тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил илова мавжуд бўлади. Шунингдек, «Тошкент» аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳлар электромобилларни қуватлантириш шохобчалари билан жиҳозланади.

Маълум бўлишича, айни пайтда Тошкент халқаро аэропортида савдо майдонларини ижарага бериш бўйича бир қатор аукционлар якунланган. Хусусан, Тошкент аэропортида «Такси хизматини ташкил этиш» аукциони бўйича ғолиб аниқланган. У 2017 йилдан буён йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритиб келаётган «Бобур Диёр» компанияси экани маълум бўлди.

Қайд этилишича, компания автопаркида фақат бензинда ишлайдиган маҳаллий ва хорижий 100 дан ортиқ автомобиллар мавжуд. Компания томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ташувчи транспорт хизматларининг тўлиқ спектрини кўрсатиш бўйича 5 йиллик тажрибага эга: аэропортлар ва вокзалларда кутиб олиш/кузатиш; тез етказиб бериш; VIP такси, микроавтобус ва автобусларда хизмат кўрсатиш.

Аэропорт йўловчиларини ташиш тарифлари, шунингдек, келиш залида ўрнатиладиган такси тўхташ жойи дизайнини транспорт компанияси Uzbekistan Airports билан келишиб олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Раъно Жўраева 2021 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент аэропортида хусусий такси ҳайдовчиларининг ишини тартибга солиш ва шаҳар марказига йўловчи ташишни ташкил этиш имконини берувчи муаммоларни санаб ўтганди.

Ўшанда Тошкентда кечаю кундуз ишлайдиган жамоат транспорти йўқлиги, шунингдек, компания ёзда юридик шахслар ўртасида такси хизматларини кўрсатувчи провайдерлар учун тендер ўтказилганини айтилганди. Лекин бу тендер ҳеч ким қатнашишни истамагани учун ўтказилмай қолган.

Таъкидланшича, тендер доирасида аэропортга кириш ва йўловчи ташиш учун рухсатнома бериладиган компанияларни аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган бўлган.

«Ҳозир биз Транспорт вазирлиги билан бу муаммони ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Биз назорат қила олишимиз учун машиналар маълум рангда бўлиши керак, улар кириб, йўловчиларни олиб кетишади. Йўловчилар эса стенд олдига келиб, таксига буюртма бериши ва тўловни амалга ошириши мумкин бўлиши керак», — деган ўшанда Раъно Жўраева.

Ўшанда терминал ҳудудини компания ўз лойиҳаси ва режаси асосида ташкил этиш учун ҳокимият аэропортга туташ ҳудудни уларнинг иҳтиёрига топшириши зарурлиги айтилганди.

Раъно Жўраева ер ҳали компания иҳтиёрига ўтказилмагани сабаб, улар майдонни ўзи истагандек реконструкция қила олмаётганини, лекин уларда аллақачон режалар борлигини айтганди.

Шунингдек, яқинда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунни инобатга олган ҳолда, ҳозирда ҳокимиятдан аэропортга ер участкасини ўтказиш масаласи ҳал қилинаётганини маълум қилган.