Ўзбекистонда ҳар бир маҳаллада маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Маълум бўлишича, «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармалар маблағлари қуйидагилардан шакллантирилади:
- маҳалладаги 2 000 квадрат метргача бўлган давлат объектларини сотишдан тушадиган маблағлар;
- маҳалланинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
- халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
- маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар).
Қайд этилишича, маблағлар маҳалладаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш учун йўналтирилади. Шунингдек, 2023 йил 1 январгача ҳар бир маҳалланинг аниқ чегаралари белгиланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби белгиланганди. Ҳукумат қарори билан Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Низомга мувофиқ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Жамғарманинг ижрочи органи ҳисобланади.


