Qeshm Air авиакомпанияси Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airaports хабар берди.
Маълум бўлишича, 22 декабрдан Эроннинг Qeshm Air авиакомпанияси Теҳронни Ўзбекистоннинг икки шаҳри — Тошкент ва Самарқанд билан боғлайди.
Парвозларнинг очилиши Ўзбекистон ва Эрон раҳбарияти ўртасида, 2022 йил сентябрь ойида Эрон президенти Иброҳим Раийсининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар самарасидир.
Хусусан, ташриф давомида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва сайёҳлик оқимини кучайтиришга қаратилган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
22 декабрдан Теҳрон — Тошкент — Олма-Ота-Теҳрон ва Теҳрон — Самарқанд — Теҳрон йўналишларида тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар йўлга қўйилмоқда.
Парвозлар қулай Аirbus 320 самолётларида, дастлаб ҳафтасига бир марта амалга оширилади. Кейинчалик, йўловчилар томонидан йўналиш ижобий қабул қилинса, рейслар сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

