Асосий мазмунга ўтиш
10август · Душанба USD 11 952,10 ▲ +0,3% EUR 13 779,58 ▲ +0,2% RUB 145,21 ▼ −0,7% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади

Бунда, ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади.

“Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар меҳнат муносабатлари ва касбга ўқитиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш ва мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:

  • ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли тизимини яратиш;
  • иш берувчиларнинг эҳтиёжига мувофиқ уларни малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини жорий этиш.

2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
  • бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
  • Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;
  • муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.

Бунда мажбурий захиралаш:

  • ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур;
  • ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:

  • ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
  • 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
  • 2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.

Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.