Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрини юритиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрини юритиш тартиби белгиланди. Маълумотларни реестрга киритиш ёки чиқариш бўйича аризаларни ЯИДХП, ДХМлар ёки кредит бюролари орқали тақдим этиш мумкин. ДХМлар ва кредит бюролари олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

Ҳукумат қарори билан «Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, маълумотларни мазкур реестрга киритиш ёки чиқариш бўйича аризаларни ЯИДХП (my.gov.uz), давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали тақдим этиш мумкин. Ариза берувчи ўзи кредит бюросига келиб ёзма мурожаат этганда, ариза берувчига QR-код қўйилган маълумотнома берилади.
Давлат хизматлари марказлари кўрсатилган хизмат натижасини ариза келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа ичида ариза берувчининг электрон манзилига юбориб, ариза берувчига бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиши белгиланган.
Эндиликда жисмоний шахсларнинг кредит тарихида кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза юборилган сана ва вақт, тақиқ белгиланган ёки олиб ташланган сана ва тақиқ шартлари ҳақидаги маълумотлар ҳам акс эттириб борилади.
Низомга мувофиқ, давлат хизматлари марказлари ва кредит бюроларига олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Давлат раҳбари томонидан 4 мартда имзоланган қонун билан «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.
Қонунга кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаш ҳуқуқига эга. Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш ихтиёрий амалга оширилади.



