Ягона порталдаги пулли хизматлар банк ва алоқа операторлари иловаларига уланади
Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати билан ишлаш жараёнлари Рақамли маҳалла платформаси орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари Рақамли маҳалла платформаси орқали амалга оширилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, Рақамли ҳукумат дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70% га етказиш тизимни 2025−2026 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
2025 йил 1 ноябрдан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона порталдаги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади.
2025 йил 1 декабрдан ННТларга Рақамли ҳукумат тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади.
Келаси йилдан фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари Рақамли маҳалла платформаси орқали амалга оширилади.
Жорий йилнинг июль ойида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда пуллик давлат хизматлари банк ва тўлов иловаларига интеграция қилинишини маълум қилганди. Мақсад — барча хизматларнинг камида 70%и битта платформада мавжудлигини таъминлаш.
«Бу иловаларнинг мижозлари уларнинг интерфейсида ишлашга одатланган. Бу фойдаланувчиларга учинчи томон платформалари орқали пуллик давлат хизматларини олишда қўшимча қулайликлар яратади», — деган эди Шерматов.



