Яширин иқтисодиётни қисқартириш солиқ тушумларини 30 фоизгача оширди — Солиқ қўмитаси
Ҳудудлардаги солиқ тушумлари учинчи чоракда 30 фоизга, йил бошидан буён 27 фоизга ўсган. Республика миқёсида эса солиқ тушумларидаги йиллик ўсиш 18 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига солиқ тушумлари ошмоқда, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, рақамлаштириш, электрон ҳисобварақ фактура, онлайн назорат касса машинаси, рақамли маркировка, маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари, электрон юк хати ва кешбэклар жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини соҳаларга қараб 10−20 фоизгача «соя»дан чиқарган.
Корхоналарнинг расмий товар айланмаси жорий йилда 42 фоизга ўсиб, 737 трлн сўмни ташкил этган. 26,8 минг компаниянинг айланмаси икки баробарга кўпайиб, 189 трлн сўмга етган. Шу билан бирга, илгари айланмага эга бўлмаган 24,3 минг корхона 93,4 трлн сўмлик операцияларни амалга оширган.
2025 йилнинг 9 ойида давлат бюджетига 158,7 трлн сўм солиқ тушумлари таъминланган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,8 трлн сўмга (18 фоиз) кўп. Учинчи чоракда ҳудудлардаги солиқ тушумлари 30 фоизга, йил бошидан буён эса 27 фоизга ўсган.
Ҳудудлар кесимида Навоий вилоятида солиқ тўловлари 86 фоизга, Фарғона вилоятида 39 фоизга, Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида эса қарийб учдан бир қисмга кўпайган.
Фойда солиғи бўйича тушумлар 1,5 баробарга, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича эса 28 фоизга ошган. Умумий овқатланиш соҳасида ҚҚС 44 фоизга ўсган — бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидини электрон амалга ошириш ва ҚҚСни кешбэк сифатида қайтариш институти жорий этилиши билан изоҳланмоқда.
Йил бошидан ўтган йили умуман ишчи кўрсатмаган 17,8 мингта корхона 96,1 мингта ишчисини ҳисоботида акс эттирган. Шунингдек, 14,5 мингта корхонада ишчилари сони 2 ва ундан ортиқ кўпайиб, 255 мингтани ташкил этган.




