Humo карталари бўйича SMS-хабарномалар нархи ўзгармайдиган бўлди
Компания фойдаланувчилар мурожаатлари ва «хизмат аҳамиятини инобатга олиб», Octotelecom’га амалдаги тарифни сақлаб қолиш бўйича расмий хат юборган.
Аввалроқ, Octotelecom контент-провайдери Humo карталари бўйича 13131 қисқа рақамидан юбориладиган SMS-хабарномалар нархи 168,4 сўмга оширилиши ҳақида хабар берган эди. Humo тўлов тизими оператори — Миллий банклараро процессинг маркази ушбу нарх аввалги даражада сақланиб қолинишини маълум қилди.
Компания фойдаланувчилар мурожаатлари ва «хизмат аҳамиятини инобатга олиб», Octotelecom’га амалдаги тарифни сақлаб қолиш бўйича расмий хат юборган. Қўшимча таҳлил натижасида уни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Унга кўра, 1 майдан бошлаб 13131 рақамидан кирувчи SMS-хабар нархи ўзгаришсиз қолади ва битта хабар учун 84,2 сўмни ташкил этади.
Бу чора вазиятни биргаликда баҳолаш ва карта эгаларига молиявий юкламани оширмасдан хизматнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Шунингдек, тўлов тизими SMS-хабарномалар фойдаланувчилар учун муҳимлигини таъкидлаб, келажакдаги ҳар қандай ўзгаришлар фойдаланувчилар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда баҳоланиб, расмий каналлар орқали ўз вақтида эълон қилинишини билдирди.
