
Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун Туркманистонга боради
Саммит кун тартибидан савдо муносабатларини ривожлантириш ва минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш ўрин олган

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 28 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлади.
Тадбир кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, энг аввало савдо муносабатларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва инновацияларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилади. Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Туркманистонга ташриф дастури доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Қайд этилишича, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.
Маълумот ўрнида, ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон–Туркманистон чегарасидаги 2 та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланиши хабар қилинди.





