Ўзбекистон–Туркманистон чегарасидаги 2 та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланади
Чегара ўтказиш пунктлари 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли ёпилган

Туркманистон билан автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини амалга ошириш учун «Хўжайли» ва «Шовот» чегара ўтказиш пунктларида контактсиз юк ташувлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур чегара ўтказиш пунктлари коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилган чеклов чоралари натижасида 2020 йилда ёпилган эди. Уларнинг очилиши билан халқаро юк ташувлари учун фаолият юритаётган «Олот» пунктига қўшимча равишда яна 2 та чегара ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланади.
Қайд этилишича, 18 ноябрь куни транспорт ва логистика масалалари бўйича ўзбек-туркман ишчи гуруҳи ўртасида видеоконференц-алоқа учрашуви ўтказилган. Учрашувда келишилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 25 ноябрь куни «Хўжайли–Кўҳна-Урганч» ҳамда «Шовот–Дашогуз» чегара ўтказиш пунктлари иш фаолияти халқаро юк ташишлар учун нейтрал зонада тиркама ва ярим тиркамаларни контактсиз алмашиш йўли орқали ташкил этиш бўйича синов ўтказилган.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда ДХХ чегара қўшинлари «Хўжайли–Кўҳна-Урганч», «Шовот–Дашогуз» ўтказиш пунктлари иш фаолиятини 26 ноябрдан санитария-эпидемиология тадбирларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тиклаш юзасидан Туркманистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликдаги сайъи-ҳаракатларни давом эттирмоқда.
Аввалроқ Туркий кенгашга аъзо давлатлар божхона тартибини стандартлаштиришга келишиб олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия халқаро юк ташувлари соҳасида E-Permit тизимини ишга тушириши ҳақида хабар берилди.






