«Агар одамлар кўпроқ бола туғишни бошламаса, цивилизация барбод бўлади» — Илон Маск
Миллиардернинг таъкидлашича, жуда кўп «ақлли одамлар» сайёра аҳолиси ҳаддан ташқари кўп деб ўйлайди.
Цивилизация давом этиши учун одамлар фарзанд кўришни кўпайтириши керак. Бу ҳақда миллиардер Илон Маск The Wall Street Journal билан видеоконференцияда айтиб ўтди.
Миллиардер тезлик билан пасайиб бораётган туғилишни «цивилизация учун энг катта хавфлардан бири» деб атади. Тадқиқотларга кўра, тобора кўпроқ одамлар иқлим ўзгариши ва иқтисодий тенгсизликни баҳона қилиб, фарзанд кўрмасликни афзал кўрмоқда.
Илон Маскнинг таъкидлашича, жуда кўп «ақлли одамлар» сайёра аҳолиси ҳаддан ташқари кўп деб ўйлайди ва вазият назоратдан чиқиб кетмоқда.
«Бунинг акси ҳақиқат. Агар одамлар фарзанд кўрмаса, цивилизация барбод бўлади. Менинг сўзларимни эсланг», — дейди Tesla раҳбари.
CNBC’нинг ёзишича, Морган Стенли июль ойида иқлим ўзгариши қўрқуви остида болаларсиз ҳаракат ўсиб бораётганини ва туғилиш даражасининг олдинги пасайиш тенденциясига қараганда тезроқ таъсир қилишини айтган.
Таҳлилчилар сўровлар, академик тадқиқотлар ва Google маълумотларига асосланиб, иқлим ўзгариши бевосита ёки билвосита туғилиш даражасининг пасайишини тезлаштираётганини маълум қилди.
Лос-Анжелесдаги Калифорния университети томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Қўшма Штатларда янги туғилган чақалоқлар сони жазирама тўлқинидан кейин тўққиз ой ичида камайган. 2020 йил Хитойда 18 минг жуфтлик ўртасида ўтказилган тадқиқот иқлим ўзгариши, хусусан, ҳаво ифлосланиши, бепуштлик эҳтимолининг 20 фоизга ошиши билан боғлиқ эканини кўрсатган.