Асосий мазмунга ўтиш
8 август · Шанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Молия

Озиқ-овқат ва хизматлар нархи: аҳолининг 2022 йилги инфляцион кутилмалари маълум бўлди

Респондентларнинг 35 фоизи импорт товарлар ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши келгусида нархлар ошишининг асосий омили деб атаган.

Фото: Kommers.uz

Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари 2022 йилда баъзи товар ва хизматларнинг нархи ошишини кутмоқда. Сўровнома иштирокчиларининг инфляцион кутилмалари 15,7 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий банк 2021 йил декабрь ойи учун тақдим этган инфляцион кутилмалар шарҳида маълумот берилган.

Декабрда ўтказилган сўровномалар натижасига кўра, қатнашчилар келгусида нархлар ошишига асосий омил сифатида импорт товарлар ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши (35 фоиз), пандемия ва постпандемия шароитида нархларнинг оширилиши (33 фоиз), ёқилғи маҳсулотлари ҳамда транспорт харажатларининг қимматлашувини (25 фоиз) келтирган.

Инфографика: Марказий банк

Тадбиркорлик субъектларининг нархлар ўсиши бўйича кутилмалари эса 14,9 фоизни ташкил этган. Улар келгусида нархлар ошишига асосий омил сифатида пандемия билан боғлиқ вазиятда рисклар мавжудлиги оқибатида хориждан импорт қилинадиган хом ашё ва бутловчи қисмлар қимматлашиши (39 фоиз) ҳамда ёқилғи ва транспорт хизматларининг нархлари ошиши (29 фоиз)ни кўрсатган.

Инфографика: Марказий банк

Маълумот учун, ноябрь ойида ўтказилган сўровномада аҳолининг нарх ўсиши бўйича кутилмаси 16,5 фоизни ташкил этганди. Cўровномада иштирокчилар нархлар ошишига миллий валюта курсининг қадрсизланиши (47 фоиз), ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши (43 фоиз) ҳамда улгуржи савдо нуқталарининг камайиши натижасида маҳсулотлар таклифининг қисқаришини (23 фоиз) сабаб сифатида келтирганди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари эса ноябрь ойида нархларнинг 15,6 фоизгача ошишини кутаётганини қайд этган. Келгусида нархлар ошишига асосий омиллар сифатида тадбиркорлик субъектлари ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши (49 фоиз) ҳамда миллий валюта курсининг қадрсизланишини (44 фоиз) келтирган.