Fitch Ratings Қозоғистон рейтингини «Барқарор» даражасида сақлаб қолди
Январь ойи воқеалари мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмагани айтилди.
Fitch халқаро рейтинг агентлиги Қозоғистоннинг суверен кредит рейтингини барқарор прогноз билан «BBB» даражасида тасдиқлади. Бу ҳақда республика бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
«Қозоғистон рейтингини қўллаб-қувватловчи асосий омиллар бу коронавирус пандемияси даврида барқарорликни кўрсатган кучли фискал ва ташқи балансдир», дейилади ҳисоботда.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, мамлакатнинг давлат қарзи паст даражада сақланиб қолган, соф суверен активлар эса анча юқори.
Fitch маълумотларига кўра, Қозоғистон ўрта муддатли истиқболда соф кредитор бўлиб қолади. Прогнозларга кўра, валюта курсининг барқарорлиги, рентабелликнинг ошиши, Ягона жамғариб бориладиган пенсия фондида жамғармаларни олиб қўйишнинг қисқариши инфляция даражасини пасайтиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, тартибга солиш ва назоратни такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда мамлакат банк сектори кўрсаткичлари яхшилангани алоҳида таъкидланган.
«Хусусан, таҳлилчилар NPL даражасининг пасайиши, банкларнинг юқори ликвидлиги ва рентабеллигини қайд этди», дейилади хабарда.
Рейтинг агентлигининг қайд этишича, январь ойида Қозоғистонда содир бўлган воқеалар мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмаган. Банк сектори кўрсаткичлари барқарор бўлиб қолади.
«Умуман олганда, яқин икки йилда Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиши қишлоқ хўжалиги сектори ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 4 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган ижтимоий норозилик намойишлари сиёсий тус олиб, катта тартибсизликларга айланиб кетди.