Билл Гейтс кейинги пандемияни қандай бартараф этиш ҳақида китоб ёзди
Китоб 2022 йилнинг 3 май санасида чиқарилади.
Microsoft асосчиси Билл Гейтс «Қандай қилиб кейинги пандемиянинг олдини олиш керак» номли китоб ёзди. Бу ҳақда у ўз блогида маълум қилди.
«Мен COVID эпидемиясини дастлабки кунлариданоқ кузатаман, Гейтс фонди ва ундан ташқаридаги мутахассислар билан ишлайман. Бу жараёнда мен кўп нарсани ўргандим — бу пандемия ҳақида ҳам, кейинги пандемияни қандай тўхтатишимиз ҳақида ҳам, ва мен эшитганларимни одамлар билан баҳам кўрмоқчиман», — деб ёзади Гейтс ўз блогида.
Қайд этилишича, китоб 2022 йил 3 майда чиқарилади. У АҚШда Knopf ва халқаро миқёсда Penguin Random House томонидан нашр этилади.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, китобда у коронавирус пандемиясидан инсоният олиши мумкин бўлган сабоқлар, патогенлар тарқалишини ўз вақтида тўхтата оладиган воситалар, шунингдек, фитна назариялари қаҳрамони бўлиш қандай экани ҳақида сўз юритади.
Бундан ташқари, китоб Гейтснинг АҚШ Миллий Аллергия ва юқумли касалликлар институти директори Энтони Фаучи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус билан бўлган суҳбатларини ўз ичига олади.
«Қачонки мен COVID сабаб бўлган азоб-уқубатларни кўрганимда, ҳар сафар ўлганларнинг сўнгги сони ҳақида ўқиганимда ёки ишини йўқотган ва ёпиқ мактаб олдидан ўтган одам ҳақида эшитганимда шу ҳақда ўйламаслигимнинг иложи йўқ: биз бунга бошқа дуч келмаслигимиз керак», — деб ёзган Гейтс.
Гейтс аввалроқ дунё янги пандемияга тайёргарлик кўриш учун етарли ҳаракат қилмаётганини айтганди. Унга кўра, одамлар 100 кун ичида вакцина яратишни ўрганиши ва бутун дунё эҳтиёжларини қондириш учун уни оммавий ишлаб чиқариш қувватини ўша даврда ишга тушириши керак. Тадбиркорнинг фикрича, бу вазифани бажариш мумкин.
Аввалроқ Билл Гейтс COVID-19’дан ҳам хавфлироқ вируслардан огоҳлантиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Билл Гейтс инсоният иқлим муаммоларини қачон енгишини айтгани хабар қилинди.