Билл Гейтс COVID-19’дан ҳам хавфлироқ вируслардан огоҳлантирди
Билл ҳукуматларни навбатдаги глобал пандемияга тайёргарлик кўриш учун ҳеч қандай харажатларни аямасликка чақирди.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс инсониятни COVID-19’дан ҳам хавфлироқ пандемия кутиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Financial Times ёзмоқда.
Билл Гейтснинг сўзларига кўра, коронавируснинг «омикрон» ва «дельта» вариантлари энг кўп тарқалган вируслар қаторига кирган бўлса-да, дунё ўлим ёки оғир касалликларнинг анча юқори кўрсаткичларини келтириб чиқарадиган патогенга дуч келиши мумкин.
Миллиардер Буюк Британияда жойлашган Wellcome Trust билан биргаликда Эпидемияга тайёргарлик инновациялари коалициясига (CEPI) 300 миллион доллар хайрия қилишини эълон қилди. CEPI камбағал мамлакатларга коронавирус дори-дармонларини олишда ёрдам бериш учун COVAX дастурини ишлаб чиққан ва ҳозирда янги вакциналарни ишлаб чиқиш вақтини 100 кунгача қисқартириш лойиҳаси учун 3,5 миллиард доллар йиғмоқда.
Гейтснинг сўзларига кўра, глобал устуворликлар «ғалати» бўлиб чиқди ва вакцина олишдаги тенгсизлик муаммосини айнан хайриячилар ҳамда бой ҳукуматлар ҳал қилишига тўғри келди.
«Триллионлаб иқтисодий зарарнинг олдини олиш ва ўн миллиард одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун миллиардлаб маблағ сарфлаш — бу жуда яхши суғурта», — дейди миллиардер. Шу билан Гейтс ҳукуматларни навбатдаги глобал пандемияга тайёргарлик кўриш учун ҳеч қандай харажатларни аямасликка чақирган.
Гейтснинг таъкидлашича, пандемия даврида вакцинани ишлаб чиқишнинг иккита йирик ҳомийси — CEPI ва АҚШ ҳукумати пулни хавф остига қўйиш ва потенциал вакциналарнинг кенг портфелини яратиш учун «жасорат» кўрсатган.
Унинг таъкидлашича, бу хавфли инвестициялар эди, аммо улар ўз самарасини берган ва глобал миқёсда сезиларли фойда келтирган.
«Энди ҳаммамиз анча ақллироқмиз. Кейинги сафар эса бизга кўпроқ қувват керак бўлади», — дейди Гейтс.
Аввалроқ Билл Гейтс фонди «яшил» технологияларга 15 миллиард доллар сармоя киритиши ҳақида хабар берилганди.






