NASA хавотирда. Маскнинг компанияси яна 30 мингта сунъий йўлдошни Ер орбитасига олиб чиқади
SpaceX объектлари ердаги ускуналар ва агентлик сунъий йўлдошларига халақит бериши мумкин.
NASA Илон Маскнинг яна 30 мингта Starlink сунъий йўлдошларини орбитага жўнатиш режаси «сезиларли ортиқча кучаниш»га сабаб бўлиши мумкин, бу эса тўқнашувлар хавфини оширади деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Американинг Insider нашри Федерал алоқа комиссияси (FCC) хатига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Илон Маскнинг режалари NASA’нинг ҳам фаолиятига халақит бериши мумкин. Айни вақтда FCC SpaceX компаниясининг Starlink Gen2 сунъий йўлдошларининг кейинги авлодини жойлаштириш учун лицензия олиши бўйича аризасини кўриб чиқмоқда.
NASA маълумотларига кўра, ҳозирда Ернинг пастки орбитасида 6,1 минг объект мавжуд. Starlink’нинг янги сунъий йўлдошлари уларнинг сонини 5 баробарга оширади, умумий орбитадаги объектлар сони эса икки баравар кўпаяди.
«Ушбу чекланган баландлик диапазонларида бундай катталикдаги [сунъий йўлдошлар сонининг] кўпайиши муқаррар равишда космик чиқиндилар билан тўқнашувнинг қўшимча хавфини келтириб чиқаради», — дейди агентлик.
NASA, шунингдек, Маскнинг Starlink сунъий йўлдошларининг йирик объектлар билан тўқнашиш «хавфи нолга тенг» деган сўзларига шубҳа билан қарамоқда, чунки ҳар бир космик кема маневр қилиш қобилиятига эга.
Мумкин бўлган тўқнашувлар ҳақидаги хавотирлардан ташқари, NASA илмий миссиялар учун хавфларни қайд этган — SpaceX объектлари ердаги ускуналар ва агентлик сунъий йўлдошларига халақит бериши мумкин.
Қайд этилишича, NASA SpaceX’нинг Gen2 учун FCC лицензиясини олишига тўсқинлик қилмоқчи эмас, лекин хавфларни камайтириш учун қўшимча маълумот олишни хоҳлайди.
Маълумот учун, ҳозиргача SpaceX 2042 та Starlink сунъий йўлдошини учирган, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам орбитада эмас ва активлаштирилмаган.
Космик парвозлар бўйича таҳлилчи Жонатан Макдауэллнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2000 дан ортиқ сунъий йўлдошдан атиги 1495 таси маълум бир орбитада. Шу билан бирга, 15 январь куни Илон Маск Twitter’да1469 сунъий йўлдош фаол эканини, яна 272 таси эса берилган орбиталар томон ҳаракатланаётганини ёзган.
Аввалроқ Маскнинг сунъий йўлдошлари хавфли астероидларни ўрганишга халақит бера бошлагани хабар қилинганди.