Ўзбекистонда тадбиркорлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзлари рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари бир қатор солиқ турларини тўлашдан озод қилинади.
Қайд этилишича, ушбу солиқ турларига қуйидагилар киради:
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
- айланмадан олинадиган солиқ;
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаси.
Таъкидланишича, имтиёзнинг амал қилиш муддати — 2024 йил 1 январга қадар. Шунингдек, кластерлар ушбу имтиёздан истисно қилинган.
Тоғли ҳудудларнинг ҳамда ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади. Батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 мартдаги қонунидан олиш мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим имтиёзли солиқ тўловчилардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи ундирилиши хабар қилинганди.


