Ўзбекистонда айрим имтиёзли солиқ тўловчилардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи ундирилади
Молия вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлашдан озод этилган солиқ тўловчилардан ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи ундирилади. Молия вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 75-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлашдан озод этилган солиқ тўловчиларга кўрсатилган солиқларни ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг бир фоиз миқдорида тўланишини назарда тутувчи тартиб киритилмоқда.
Қайд этилишича, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича қўйидаги миқдордаги имтиёзлар қўлланилган:
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича 5787 та корхоналарга 581,5 миллиард сўм;
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича 2439 та корхоналарга 433,5 миллиард сўм.
Лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталига белгиланган тартибда жойлаштирилди.






