Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари (кластерлар мустасно) 2024 йил 1 январга қадар бир қатор солиқ турларни тўлашдан озод этилади.
Қайд этилишича, имтиёз эълон қилинган солиқ турлари қуйидагилардан иборат:
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
- юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи;
- айланмадан олинадиган солиқ;
- ЯТТлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаси.
Шунингдек, вилоятнинг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини 50 фоиз камайтирилган ставка бўйича тўлайди.
Тоғли ҳудудларнинг ҳамда ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан тасдиқланади.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ҳамда паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар қуйидаги солиқларни тўлашдан озод қилинади:
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
- юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи.
Зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларининг рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши томонидан тасдиқланади. Батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 12 мартдаги қонунидан олиш мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзлари рўйхати кенгайтирилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сенат айрим маҳсулотларни ҚҚСдан озод қилувчи қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берилди.


